Замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш

Замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш

     Ўзбекистонда мустақиллик йилларида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, давлат тузилишини демократлаштириш, бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш, хусусий мулкни, тадбиркорлик, кичик ва ўрта бизнес манфаатларини ҳимоялаш борасида зарур кафолатларни яратиб беришга алоҳида эътибор қаратилди ва бу йўналишдаги ишлар ҳозирда ҳам самарали давом эттирилмоқда.

          Сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-ҳуқуқий ислоҳотларнинг кўлами кенгайиб, бозор муносабатлари шароитида миллий иқтисодиётни барқарор ўсиши ва мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш учун тадбиркорликнинг турли шаклларини ривожлантириш, ушбу соҳанинг ташкилий-ҳуқуқий базасини яратиш жараёнида, уларни янада такомиллаштириш ва иқтисодиётни эркинлаштиришга қаратилган стратегик дастурлар қабул қилинди,

     Айниқса иқтисодиётга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш, акциядорлик жамиятлари фаолиятининг самарадорлигини тубдан яхшилаш, бўлажак инвесторлар учун уларнинг очиқлиги ва жозибадорлигини таъминлаш, замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий қилиш, корхоналарни стратегик бошқаришда акциядорлар ролини кучайтириш учун қулай шароитлар яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 24 апрелдаги “Акциядорлик жамиятларида замонавий корпоротив бошқарув  услубларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  ПФ-4720 сонли Фармонининг қабул қилиниши муҳим воқейлик бўлди. Фармоннинг қабул қилиниши акциядорлик жамиятларига хорижий инвестиция ва менежерларни кенг жалб этиш ҳамда ушбу йўналишда корпоратив бошқарувни ташкил этиш, қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган ҳуқуқий нормаларни янада такомиллаштириш ишини кун тартибига кўндаланг қилиб қўяди.

     Фармон талабларини бажариш мақсадида мамлакатимизда корпоратив бошқарувни ташкил этиш ва амалга ошириш учун бир қатор қонун ва қонун ҳужжатлари қабул қилиниб, уни ҳаётга татбиқ этиш юзасидан зарур тизим шакллантирилмоқда.

    Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 31 мартдаги ПҚ-2327 сонли Қарори билан ташкил этилган Акциядорлик жамиятлари фаолияти самарадорлигини ошириш ва корпоротив бошқарув тизимини такомиллаштириш бўйича Комиссиянинг ташкил этилганлиги диққатга сазовордир.

     Ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишларнинг эътиборли жиҳатларидан бири сифатида айтиш лозимки, корпоратив бошқарув ва менежмент соҳасида мутахассислар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва уларнинг профессионал савиясини ошириш, корпоратив бошқарувнинг замонавий усулларини жорий этишни илмий-методик қўллаб-қувватлаш мақсадида “Корпоратив бошқарув илмий-таълим маркази” ташкил этилди ва ушбу марказ ўз фаолиятини  бошлаб юборди.

     Тан олиш керакки, бугунги кунда жамиятимиз ҳуқуқий ва иқтисодий ҳаётига кириб келаётган “корпоратив бошқарув”, “корпоратив ҳуқуқ” атамаларининг мазмун моҳиятини, уларнинг ҳуқуқий табиатини, келиб чиқиш тарихини, ривожланган давлатлардаги корпоратив бошқарувнинг моделларини ҳамда ушбу моделларнинг фаолиятини ўрганиш, таҳлил қилиш зарурати вужудга келмоқда.

    Албатта бундай хулосага келишга тўлиқ асос мавжуд, акциядорлик жамиятлари фаолиятини тартибга солувчи дунё амалиётида қабул қилинган принциплар ва ёндошувлар асосида ўрганиш ҳамда самарали корпоратив бошқарувнинг чет эл ва мамлактимизда қабул қилинган қонун ҳужжатларини чуқур таҳлил этган ҳолда республикада корпоратив ҳуқуқ соҳасидаги қонунчилик ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш вазифасини қўймоқда.

     Ўзбекистонда корпоратив бошқарувни ҳуқуқий тартибга солиш асосан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик, Меҳнат, Хўжалик процессуал кодеклари ҳамда «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуни ва бошқа бир қатор қонун ҳужжатлари билан амалга оширилади.

    Бу йўналишда олиб борилаётган ишларнинг мантиқий давоми сифатида ўтган йилда корпоратив бошқарув иштирокчиларининг ҳуқуқларини самарали ҳимоясини таъминлашда, корпоротив низолар бўйича ишларнинг ўзига хос хусусиятларига эга эканлигидан келиб чиқиб, ушбу тоифадаги ишларни судда кўриш тартибини белгилаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Хўжалик процессуаал кодексига “Корпоратив низолар бўйича иш юритиш” деб номланган янги боб киритилди.

    Таъкидланганидек, ҳуқуқий ва иқтисодий соҳага кириб келаётган “корпораив бошқарув”, “корпоратив ҳуқуқ” каби атамалар қаторига яна бир атама, “корпоратив низолар” атамаси кириб келмоқда. Бу эса, ўз навбатида ушбу атаманинг мазмун моҳиятини, унинг ҳуқуқий табиатини, келиб чиқиш тарихини ўрганиш, таҳлил этишни тақозо этади. Албатта, процессуал қонунда бундай норманинг киритилиши кейинчалик, ўз-ўзидан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига ҳам ушбу атамага таъриф беришни, унинг ҳуқуқий табиатини очиб бериш заруратини вужудга келтиради.

     Бизнинг мазкур таклифимиз мунозарали бўлиши табиийдир. Биламизки, мунозара, изланиш, ўрганиш ва таҳлил этиш орқали иқтисодий ҳаётимизга самараси кенгроқ бўлган қонун ва қонун ҳужжатларининг такомиллаштирилиши, мамлакатимизда тадбикорликнинг янада ривожланишига, жамиятимизда ўрта синфнинг шаклланишини такомилига етказиш учун уларга ижтимоий шарт-шароит яратиб берилишига ҳамда уларнинг замонавий услубда фаолият юритиши учун ҳуқуқий замин яратади. Бу эса ўз навбатида инсонпарвар демократик-ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамияти барпо этиш, жамиятни демократлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишдек ўз олдимизга қўйган олижаноб мақсад ва марраларга етишимиз учун хизмат қилади.

Фахритдин РАДЖАБОВ,

Nihol-Komtex директори ўринбосари,

ҳуқуқшунос